Линклар

Шошилинч хабар
17 июл 2025, Тошкент вақти: 01:33

Мигрантлар, рубл ва миллий валюта. Россияда иқтисодий ўсиш секинлашди


Ўзбекистонлик мигрантлар Россиянинг Астрахан вилоятидаги далаларда помидор кўчатларини экяпти. 2024 йил май. Россиянинг расмийларига кўра, иқтисодий ўсиш суръатлари секинлашган.
Ўзбекистонлик мигрантлар Россиянинг Астрахан вилоятидаги далаларда помидор кўчатларини экяпти. 2024 йил май. Россиянинг расмийларига кўра, иқтисодий ўсиш суръатлари секинлашган.

Россия сиёсий доираларида сўнгги уч йиллик ўсишдан сўнг эҳтимолий иқтисодий пасайиш (рецессия) ҳақида гап-сўзлар пайдо бўлмоқда. Бу ўсиш асосан, давлат томонидан мудофаа соҳасига қилинган инвестициялар орқали таъминланган эди.

Мутахассислар фикрига кўра, ҳарбий эҳтиёжларга мослаштирилган иқтисодиёт ўз ресурсларини тўлиқ сарфлаб бўлди.

Эндиликда Россия иқтисодиётининг секинлашуви Марказий Осиёга қандай таъсир қилиши мумкин?

«Рақамларга қарасак, бизда иқтисодий совиш кузатиляпти», — деди Россия Иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников ўтган ой Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида. — «Бизнеснинг ҳозирги кайфиятига кўра, биз, назаримда, рецессия чегарасига етиб келдик.»

Бу бизнес анжуманида пессимистик кайфиятни Россия Марказий банки раҳбари ҳам қўллаб-қувватлади.

«Биз икки йил давомида етарлича юқори суръатларда ўсдик, чунки эркин ресурслар ишга солинган эди», — деди Эльвира Набиуллина форумдаги панел муҳокамасида. — «Биз тушунишимиз керакки, бу ресурсларнинг кўп қисми тўлиқ сарфланди. Энди янги ўсиш модели ҳақида ўйлашимиз керак.»

Сбербанк — давлатга қарашли йирик банк — раҳбари Герман Греф эса форумнинг кулуарларида шундай деди:
«Мамлакатимиз катта муаммоларга дуч келмоқда, бундай ҳолатни “идеал бўрон” деб аташ мумкин.»


Россия Сбербанки бошқарув кенгаши раиси Герман Греф Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида. 2025 йил, 20 июнь.
Россия Сбербанки бошқарув кенгаши раиси Герман Греф Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида. 2025 йил, 20 июнь.

2022 йилда Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли босқини бошланганидан бери Россия иқтисодиёти тез ва баъзан жуда тез суръатларда ўсди. Кенг қамровли санкцияларга қарамай, кўплаб ғарб таҳлилчилари учун кутилмаган даражада барқарорликни намоён қилди.

Кремль иқтисодиётни ҳарбий эҳтиёжларга мослаштирди — мудофаа саноати, қурол-яроғ, дронлар ва ҳарбий либос ишлаб чиқаришга катта маблағлар ажратди. Шунингдек, ҳарбий хизматчиларнинг маошлари кўтарилди, контракт асосида хизмат қилаётганларга катта маош ва нафақалар берилди — уларни Украинага қарши урушда қатнашишга ундаш учун.

Бу ислоҳотлар Россиянинг қашшоқ ва чекка ҳудудларида маҳаллий иқтисодиётни ўзгартирди ва бир вақтнинг ўзида урушни қўллаб-қувватлади. Аммо юқори маошлар инфляциянинг ортишига сабаб бўлди. 2023 йил октябрда Россия Марказий банки инфляцияни тўхтатиш мақсадида асосий фоиз ставкасини 21 фоизгача оширди.

Ишлаб чиқарувчилар лоббиси бу қарорларга очиқ эътироз билдирган бўлса-да, Марказий банк раиси Эльвира Набиуллина инфляцияни жиловлаш мақсадида ўз позициясидан чекинмади. Бу чоралар самара берди ва ҳозирда Россия уруш бошланганидан буён биринчи марта сезиларли иқтисодий секинлашувга дуч келмоқда.

«Менимча, кўплаб иқтисодий кўрсаткичлар ўсишнинг тўхтаганини ёки унга яқин ҳолатни кўрсатмоқда», — дейди Финляндия Банки қошидаги Ривожланаётган иқтисодиётлар институти тадқиқот раҳбари Иикка Корхонен. — «Қайта ишловчи саноат ҳануз ўсмоқда, аммо бошқа тармоқларнинг аксариятида бундай ўсиш йўқ.»

РОССИЯДАГИ ВОҚЕАЛАР МАРКАЗИЙ ОСИЁГА ҚАНДАЙ ТАЪСИР ҚИЛАДИ?

Россия иқтисодиётининг секинлашишига қарши курашиш мақсадида ҳукумат ва Марказий банк “пул босиб чиқариш машинасини” ишга туширади — бу эса Марказий Осиё мамлакатларига ҳам таъсир қилиши муқаррар, деб ҳисоблайди қозоғистонлик молиявий таҳлилчи Расул Рисмамбетов.

— “Россияда иқтисодиётни рағбатлантириш учун рубль босиб чиқарилади, миллий валюта қадрсизлантирилади. Бу дегани — россиялик товарлар бизга оқиб келади. Россия аҳолиси камбағаллашади, харид қобилияти пасаяди, бизда эса улар ўз маҳсулотлари учун янги бозорни кўради”, — дейди Рысмамбетов.

Ўтган йиллар тажрибаси шуни кўрсатадики, рубль қадрсизлангандан кейин қисқа муддат ичида Қозоғистон тенгеси ҳам ўз қийматини йўқотган. Остонадаги мулозимлар маҳаллий маҳсулотлар арзонлашган рубль билан рақобатлаша олмаслиги сабабли, миллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш керак, деб ҳисоблашади.


Қозоқ тенгеси ўтган йилларда рублдан кейин маълум вақт ўтиб қадрсизлангани кузатилган.
Қозоқ тенгеси ўтган йилларда рублдан кейин маълум вақт ўтиб қадрсизлангани кузатилган.

Агар Россия иқтисодиёти рецессияга учраса ва корхоналар фаолиятини қисқартирса ёки ёпила бошласа, бу ҳолат меҳнат мигрантларининг пул ўтказмаларига боғлиқ бўлган Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонга жиддий таъсир кўрсатади.

Қонли «Крокус Сити Холл» ҳужумидан сўнг (бунда айблов Тожикистон фуқароларига қаратилган) Россияда ксенофобия кайфиятлари ва мигрантларга қарши рейдлар кучайганига қарамай, мамлакат ҳанузгача Марказий Осиёдан чиққанлар учун асосий даромад манбаи бўлиб қолмоқда.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2024 йилда меҳнат мигрантларининг пул ўтказмалари Тожикистон ЯИМининг 45 фоизини ташкил этган — бу дунёдаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Қирғизистонда бу кўрсаткич 24 фоизни, Ўзбекистонда эса 14 фоизни ташкил қилган.

Пул транзакциялари ҳажмининг камайиши бу мамлакатлардаги маҳаллий аҳоли фаровонлигига салбий таъсир кўрсатиши шубҳасиз.

Масалан, Жаҳон банки мутахассислари ҳисоб-китобига кўра, Қирғизистонда хориждан яқинлар юборган пулларни олувчи оилалар орасида камбағаллик даражаси 10 фоиздан паст. Агар бу пуллар бўлмаганида, камбағаллик даражаси 50 фоиздан ошиб кетган бўлар эди.


Новосибирдаги марказий осиёлик мигрантлар.
Новосибирдаги марказий осиёлик мигрантлар.

Россия иқтисодиёти секинлашишининг яна бир эҳтимолий оқибати — унинг инвестициявий салоҳиятининг камайиши, дея таъкидлайди қозоғистонлик молиячи Расул Рисмамбетов.

— “Россия Марказий Осиё мамлакатларига қиладиган инвестицияларини қисқартириши мумкин. Қозоғистонда биз буни аллақачон ТЭС (иссиқлик электр станциялари) лойиҳаларида кўряпмиз — Россия уларни амалга оширишдан воз кечди”, — дейди Рисмамбетов.

2024 йилда Москва ва Остона Кўкчатов, Семей ва Уст-Каменогорск шаҳарларида кўмир билан ишловчи иссиқлик электр станциялари қуриш бўйича 6 миллиард долларлик келишув имзолаган эди. Бироқ шу йил май ойида Россия қурилиш учун зарур ускуналар экспортини молиялаштиришда муаммоларга дуч келгани маълум бўлди: Қозоғистон Бош вазири ўринбосари Роман Скляр фоиз ставкаларини субсидиялаш бўйича муаммолар борлигини маълум қилди.

Қозоғистон Энергетика вазири ўринбосари Бахитжан Ильясовнинг маълум қилишича, Қозоғистон томони мазкур уч шаҳардаги ТЭС қурилиши бўйича бошқа эҳтимолий қурувчилар билан музокаралар олиб бормоқда.

Покупатель взвешивает фрукты в супермаркете в Москве
Покупатель взвешивает фрукты в супермаркете в Москве

Расмий прогнозга кўра, 2025 йилда Россия ялпи ички маҳсулотининг ўсиши тахминан 2 фоиз атрофида бўлади. Халқаро валюта жамғармаси эса бундан ҳам пастроқ — 1,5 фоизлик ўсишни прогноз қилмоқда.

Россияда ишсизлик даражаси тарихан энг паст кўрсаткичда — тахминан 2,3 фоиз. Бу эса меҳнат бозоридаги мувозанатнинг бузилишни кўрсатади: эркаклар фуқаролик соҳасидаги иш жойларини тарк этиб, Украинадаги урушга кетмоқда, чунки у ерда юқори тўловлар ваъдалар қилинган. Фронтга — мажбурий ёки ихтиёрий равишда — Марказий Осиёдан келган минглаб мигрантлар ҳам кетмоқда; улар иш жойларида ёки қамоқхонадан уруш жалб қилинмоқда.

2025 йилнинг биринчи ярмида Россияда инфляция 10 фоизни ташкил этди. Марказий банк раиси Эльвира Набиуллина бир неча бор иқтисодиётнинг «қизиб кетиши» ҳақида огоҳлантирган. Июнь ойи бошида у асосий фоиз ставкасига бироз тузатиш киритиб, уни 20 фоизга туширишга эришди (мутахассислар буни асосан рамзий қадам сифатида баҳолаган).

ЭНДИ НИМА БЎЛАДИ?

Кремлдаги айрим амалдорлар учун иқтисодиётнинг «енгил қўниш» сценарийи — ўтган икки «қизғин» йил оқибатларини юмшатишнинг мақбул усули бўлар эди. Аммо хавотир шундаки: бу «енгил» эмас, балки «қаттиқ қўниш»га айланиши мумкин.

— «Асосий ставка юқори даражада ушлаб турилган бўлса-да, иқтисодиётга пул оқими доимий равишда киритилиб турибди. Бу ҳолат иқтисодий ўсишни секинлаштиришга олиб келди», — дейди Вашингтондаги Стратегик ва халқаро тадқиқотлар марказининг Россия бўйича таҳлилчиси Мария Снеговая.

— «Агар иқтисодиёт чинакам пасайишга юз тутаётган бўлса, бу Кремл учун қанчалик барқарор бўлиши номаълум. Бу — улар хоҳлаган нарса эмас», — деди у 17 июнь куни бўлиб ўтган онлайн муҳокамада. — «Умуман олганда, Россиянинг макроиқтисодий жамоаси жуда хавотирда эканлиги сезиляпти.»

Бунинг сиёсий нуқтаи назардан қандай оқибатларга олиб келиши номаълум.

Ҳозирча Президент Владимир Путин Набиуллина ва бошқа юқори лавозимдаги иқтисодий амалдорларга иқтисодий қарорлар қабул қилишда тўлиқ ихтиёр (карт-бланш) берган.

Санкт-Петербург иқтисодий форумидаги панел муҳокамасидан кейинги куни Путин бизнес-форумда сўзга чиқиб, огоҳлантириш берди:

— «Баъзи мутахассислар ва экспертлар стагнация (иқтисодий тикланишсиз тўхталиш) ва ҳатто рецессия хавфлари ҳақида гапиришмоқда», — деди у. — «Бу ҳолатга мутлақо йўл қўймаслик керак. Жорий йилдаги энг муҳим вазифамиз — иқтисодиётни мувозанатли ўсиш йўлига олиб чиқишдир.»

Грознийдаги ҳарбий кийим тикадиган тикув фабрикаси ишчилари.
Грознийдаги ҳарбий кийим тикадиган тикув фабрикаси ишчилари.

Санкциялар босими шароитида Россия бюджети ҳозир нефть ва газдан тушадиган даромадларга ҳар доимгидан ҳам кўпроқ боғлиқ бўлиб қолган. Бироқ 2025 йил бошидан бери нефть нархи пасайди ва Россия Молия вазирлиги нефть ва газдан тушадиган даромадлар бўйича прогнозини пасайтирди.

— «Икки йил давомида Россия иқтисодиёти “қизиб кетган” ҳолда нормадан анча юқори суръатларда ўсиб борди», — дейди Вашингтондаги Европа сиёсатини таҳлил қилиш маркази иқтисодий эксперти Александр Коляндр. — «Ҳозирги ҳолат — бу иқтисодиётнинг ўз табиий ҳолатига қайтиши. Бу босқичда биз тузатишни - узоқ муддатли ўсиш суръатларига қайтишни кўряпмиз. Ҳозир ҳукуматнинг асосий вазифаси — “қўниш” енгил ва бошқариладиган бўлиши, емирилиш бўлмаслиги керак.»

— «Агар нефть нархлари тушмаса ёки санкциялар жиддий кучайтирилмаса ва ё халқ хўжалигида умумий пасайиш юз бермаса, ўйлайманки, бу “енгил қўниш” билан тугаши мумкин», — дейди Коляндр.

Мувозанатланган ёки секин ўсиш иқтисодиётга тўлқинсимон таъсир қилиб, иш ҳақи ўсишини секинлаштиради. Бу ўз навбатида Россия аҳолисининг даромадларига зарба беради — улар сўнгги йилларда нисбатан юқори даромадларга ўрганиб қолган. Шунингдек, бу меҳнат мигрантларининг даромадларига ҳам салбий таъсир кўрсатади.

«Независимая газета» маълумотларига кўра, иш ҳақини кечиктириб тўлаш ҳолатлари кўпаймоқда — кўплаб корхоналар ва заводлар маошларни ўз вақтида бермаяпти. Бунга қўшимча равишда, бир қатор вилоятларда ҳарбий контракт тузганлар учун бериладиган тўловлар қисқартирила бошлади — бу эса маҳаллий иқтисодий вазиятнинг ёмонлашиб бораётганини кўрсатади.

Россиядаги муҳожирлар: “2 миллион рубл маошимизни беришмаяпти”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:27 0:00

Аммо президент Путин улкан йўқотишларга (ҳалок ва яраланганлар сони 1 миллион кишига яқинлашмоқда) қарамасдан, урушни давом эттириш ниятидан қайтадиган кўринмайди. Ҳукумат жорий йилда мудофаа ва хавфсизлик харажатлари учун тахминан 13,1 трлн рубл (144 млрд доллар) ажратишни режалаштирган. Бу мамлакат ЯИМининг 6,3 фоизини ташкил қилади — бу СССР давридан бери энг юқори кўрсаткичлар биридир.

— «Афсуски, бу уруш иқтисодий сабабларга кўра тўхтамайди ва Россия ҳозирги даражада қурол ишлаб чиқаришни ҳали анча вақт давом эттира олади», — дейди Иикка Корхонен. — «Россиянинг ҳарбий саъй-ҳаракатларига ҳақиқатан ҳам путур етказиши мумкин бўлган ягона иқтисодий омил — бу нефть нархидир».

XS
SM
MD
LG