Линклар

Шошилинч хабар
11 июл 2025, Тошкент вақти: 05:50

Гулнора Каримова иши: Ўзбекистон ҳукумати БМТ Ишчи гуруҳи хулосасини рад этди


Гулнора Каримова
Гулнора Каримова

Ўзбекистон ҳукумати БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Ўзбошимчалик билан ҳибсга олишлар бўйича Ишчи гуруҳининг марҳум президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова ноқонуний ҳибсга олингани ва унга нисбатан одил судлов таъминланмагани ҳақидаги хулосасини рад этиб чиқди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази расмий веб саҳифасида 9 июль куни эълон қилинган баёнотда "Ишчи гуруҳнинг фикри Манба томонидан тақдим этилган бир томонлама субъектив маълумотлар асосида шакллантирилгани, Ўзбекистон Ҳукуматининг бу борадаги расмий жавоби эътиборга олинмагани" таъкидланади.

Расмий Тошкент ўз баёнотида БМТ органининг холислик ва беғаразлик принципларига қанчалик амал қилганини савол остига олган.

Баёнотда айтилишича, "Г. Каримовага нисбатан барча жиноий ишлар жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилик нормаларига қатъий риоя қилган ҳолда, шунингдек, мамлакатнинг халқаро мажбуриятларини, жумладан Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт қоидаларини инобатга олган ҳолда қўзғатилган ҳамда кўриб чиқилган", унинг ҳимояга бўлган ҳуқуқ ва одил судлов ҳуқуқи жиноят процессининг барча босқичларида таъминланган".

Гулнора Каримова манзил колонияга чиқарилди - манбалар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:35 0:00

"Г. Каримова мустақил равишда танланган ёки белгиланган тартибда тайинланган ҳимоячиларга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган. Жиноят ишига оид материаллар билан танишиш, қарорлар устидан шикоят қилиш ҳамда ҳимоячи билан мулоқотнинг махфийлиги тамойилига риоя қилинган", дейилади баёнотда.

Ўзбекистон ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари бўйича бош идораси, шунингдек Каримова "ошхонада суд қилингани"ни "асоссиз даъво" деб атаган.

Расмий Тошкент "халқаро тузилмаларда ўз обрўсини ҳимоя қилиш, шунингдек, ишончли ахборотни манфаатдор томонларнинг кенг доирасига тушунтириш бўйича кейинги қадамларни қўйиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолиши"ни таъкидлаган.

Ўзбошимчалик билан ҳибсга олишлар бўйича Ишчи гуруҳи шу йилнинг 19 июнь куни қабул қилган хулосасида Гулнора Каримова ўзбошимчалик билан ҳибсга олингани ва 2014 йилдан буён халқаро ҳуқуқ талабларига зид равишда қамоқда сақланаётганини айтган эди.

Ишчи гуруҳ Каримова устидан чиқарилган ҳукм адолатли ёки адолатсиз эканинини аниқлаш унинг компетенциясига кирмаслигини таъкидлаган.

БМТ органи дастлабки суд мажлиси 2015 йил 21 август куни Гулнора Каримованинг Тошкентдаги уйи ошхонасида ўтказилгани, у ерда давлат томонидан тайинланган икки адвокат қатнашгани, лекин Каримова улар билан олдиндан гаплаша олмаганини айтган. Ишчи гуруҳга кўра, бу “ошхона суди” Каримовани 5 йил муддатга уй қамоғига ҳукм қилган.

Каримованинг иккинчи суди 2017 йил 18 декабрида Тошкент вилоят судида ёпиқ тарзда ўтган. Каримовага апелляция бериш имконияти берилмаган. У 10 йилга озодликдан маҳрум этилган ва 2018 йил январида Тошкент вилоятидаги жазо колониясига ўтказилган.

2019 йилнинг сентябрида Каримовага қарши учинчи жиноят иши қўзғатилиб, у 13 йил 4 ой озодликдан маҳрум этилган.

Гулнора Каримова қамоқхонанинг “бош оғриғига айланган"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:02 0:00

БМТ хулосасида айтилишича, барча суд жараёнлари ёпиқ ва ношаффоф бўлган, гувоҳлар сўроқ қилинмаган, Каримова адвокатлар билан эркин мулоқот қила олмаган, унга айбловларга жавоб бериш ва уларни рад этиш имконияти тақдим этилмаган.

Натижада, БМТ гуруҳига кўра, Гулнора Каримованинг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 3, 8, 9 ва 11-моддалари ҳамда Сиёсий ва фуқаролик ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро пактнинг 2, 9 ва 14-моддаларида кўзда тутилган ҳуқуқлари бузилган.

Бирлашган Миллатлар Ўзбекистон ҳукуматига халқаро қонунчилик доирасида Каримовага маънавий товон тўлаш масаланинг кўриб чиқиш, шунингдек, Каримова иши бўйича холис тергов ўтказиш ва жавобгарларни жазолашни сўраган.

Ҳуқуқ фаоллари БМТ хулосасини Ўзбекистондаги суд-ҳуқуқ тизимидаги йиллар давомида ўзгармай келаётган муаммоларнинг навбатдаги тасдиғи сифатида баҳолашган.

Форум

XS
SM
MD
LG